ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Сенати шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини қонунан ҳимоялашни режалаштирмоқда, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Зайниддин Низамходжаев маълум қилди.
Сенат вакилининг сўзларига кўра, қўмита томонидан тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишга қаратилган давра суҳбати ўтказилиб, унда жумладан, тиббиёт ходимларига белгиланган меъёрдан ортиқ вазифаларнинг юкланиши, тиббиёт муассасаларида иш жойларнинг қисқартирилиши, шифокорларнинг тиббий меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли мавсумий ишларга жалб этилиши, тиббиёт ходимларининг бемор ва унинг қариндошлари томонидан ҳақорат қилиниши, жисмоний куч ишлатилиши, руҳий таъсир қилиниши ҳолатлари муҳокама қилинган.
"2017 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида беморлар томонидан шифокорларнинг даволаш натижаларидан асоссиз норозилик билдириб, уларга нисбатан шахсий адовати оқибатида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 30га яқин ҳолатда Тошкент педиатрия медицина институти 3 нафар тиббиёт ходимига нисбатан жисмонан ва маънавий зарар етказилган", - деб таъкидлади Низамходжаев ҳамда мазкур ҳолатлар бўйича қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вазирлар маҳкамасига таклиф киритилгани ва бу масалалар яқин вақтда ҳал этилишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 август куни Фарғонада калтакланган шифокор воқеасига расмий муносабат билдириб, айни пайтда ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган эди.