ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik. НАТО мамлакатлари Россияга душмани сингари қарайди, уларнинг ҳарбий салоҳияти, хусусан ядро триадаси ҳам Россияни нишонга олган, деб баёнот қилди Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.
"Биз Совет Иттифоқи ва Варшава келишуви қай тарзда барбод бўлгани гувоҳи бўлганмиз. Аммо шу вақтнинг ўзида НАТО сақланиб қолди ва у бугунги кунда Россия Федерациясини ҳар томондан қуршаб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ерда гап Россиянинг сиёсий раҳбарияти кимгадир ёқиши ёки ёқмаслигида ҳам эмас, гап аллақандай мафкуравий тамойиллар ёки қадриятлар ўртасидаги фарқда ҳам эмас, гап оддий нарсаларда, ҳар қандай оддий инсон учун аён бўлган нарсаларда", - деди Медведев "Коммерсант" газетасига берган интервьюсида.
"Ҳозирда бир-бирига қарама-қарши бўлган, очиқ айтганда бир-бирига уруш очган иккита блок мавжуд бўлган ҳолат йўқ. НАТО эса ҳаракатларини давом эттирмоқда. НАТО фаолиятини шунчаки давм эттираётгани йўқ, у тобора кенгаймоқда ва янада кўпроқ мамлакатларни Шимолий альянсга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда", - деб таъкидлади Россия Бош вазири.
Медведев таъкидига кўра, Россия ҳукумати бу ҳолатга шунчаки қарай олмайдиган бир нечта сабаблар мавжуд.
"Биз бунга лоқайд муносабатда бўла олмаймиз, нега деганда ҳеч ким дунёдаги ядровий устунликни бекор қилмаган, ҳарбий қўмондонлар учун эса турли давлатлардаги стратегик ядровий кучлар ўртасидаги мувозанатни тушуниш жуда муҳим. НАТО мамлакатлари эса, бу альянсдаги бизнинг ҳамкасбларимиз нималар демаган тақдирда ҳам, Россия Федерациясини барибир потенциал душман сифатида қабул қиладилар. Ва аёнки, уларнинг ҳарбий салоҳиятлари, шу жумладан, ядро триадаси ҳам Россия Федерациясига қаратилган бўлади. Афсуски, бу факт", - деди Медведев.
Медведевга кўра, Россия Федерацияси атрофидаги НАТО халқаси тобора қисқариб, НАТОга аъзо бўлаётган давлатлар сони тобора ошиб бораётган бир вақтда, бу ҳолат Россия Федерациясини ташвишга солмай қолмайди, албатта.