Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини маълум қилди

© muslim.uzПраздничная молитва в соборной мечети "Хазрати Имам"
Праздничная молитва в соборной мечети Хазрати Имам - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган.

ТОШКЕНТ, 25 июл – Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва расмий хатлар орқали айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди ва бу саволларга ойдинлик киритди.

Идоранинг маълум қилишича, айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда.

“Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё этиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Лекин мана шундай қулайлик ва енгилликларга зид равишда айрим масжидлардаги нохуш манзаралар ва имом-хатиблар фаолиятидаги нуқсонлар кўнгилни ранжитмоқда. Баъзи масжидларнинг қаровсизлиги, айрим имом-домлаларнинг бепарволиги юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлайди”, - дейилади идора баёнотида.

Идоранинг маълум қилишича, Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган. Шунинг учун Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби тайинланди

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳам масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинган.

Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ҳасанбой Ашуров ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳим Пўлатов каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

“Аслида имом-домлаларнинг ишдан бўшаш сабабларини шундай очиқлашни истамаган эдик. Лекин интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқдан-очиқ сўровлар, мурожаатлар мана шундай қилишга мажбур этди. Хулоса, мўмин-мусулмонлар томонидан имом-хатибларга берилган ишончни оқлаш вожиб. Бунинг учун зиммадаги масъулиятни бажариш, вазифани адо қилиш зарур. Бу йўлда тинимсиз меҳнат, итоат ва касб-маҳоратни ошириб бориш талаб этилади”, - дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси баёнотида.

Янгиликлар лентаси
0