ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Жорий йилнинг 22 июнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан биринчи марта қабул қилинган махсус "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётини таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюцияси бу шубҳасиз, Марказий Осиё учун тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди", деб таъкидлади СМТИ директори Владимир Норов.
Ушбу тарихий ҳужжатнинг лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, 55та давлат мазкур рехолюциянинг ҳаммуаллифлари бўлишди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йилнинг сентябр ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Норовнинг фикрича, минтақа давлатларининг барқарор ривожланиши ва хавфсизлиги билан боғлиқ кўплаб саволларнинг ечими бевосита Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар даражаси ва минтақавий ҳамкорлик самарадорлигига боғлиқ.
"Шу мақсадда Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ва ҳурматга асосланган муносабатларни ривожлантириш учун қатъий ва аниқ қадамларни қўймоқда. Ўзбекистоннинг минтақа бўйича янги сиёсати бу ерда мавжуд ва йиғилиб қолган масалаларни ечишда ўз вақтида ва самарали жавоб бўлди. Бунда минтақавий яқинлик, ишонч ва ўзаро тушуниш, муаммоли масалалар оқилона келишувлар асосида ҳал этиш муҳим роль ўйнамоқда", — деди сиёсатчи.
Норовга кўра, бугунги кунда Марказий Осиёда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама барқарор ва самарали ҳамкорликни амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришни ҳамкорликда янада ривожлантириш, агросаноат сектори ва туризм соҳасини такомиллаштириш, иқтисодиётнинг реал секторига йирик хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун улкан салоҳият мавжуд.
"Албатта, барчамиз йўлнинг бошида турганимизни англаб етмоқдамиз, Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва умумий фаровонлигини таъминлашда олдинда биргаликда катта ишларни амалга оширишимиз лозим. Бу борада "эришилган марраларда тўхтаб қолмаслик", ҳамкорликда олдинга ҳаракат илиш муҳимдир", — деди Норов.
Сиёсатчининг фикрича, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни очиқлик, инклюзив, ўзаро манфаатли ва ишонч руҳида ривожлантириш керак.
Хусусан, транспорт-коммуникация соҳасида ўзаро боғлиқликнинг янги нуқталарини излашга қаратиш, мамлакатларни ривожлантириш стратегияларининг ўзаро "кесишиш"и учун ҳаракат қилиш масалаларига эътибор қаратиш лозим.
"Фикримизча, ушбу йўналишда, Марказий Осиё мамлакатлари ўрта ва узоқ истиқбол учун минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш соҳасида аниқ мақсад ва вазифаларни, шунингдек, уларга эришиш йўлларини ўз ичига олган умумий стратегик аҳамиятга эга концепцияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир", — деди дипломат ва "Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши Евроосиё минтақасида тинчлик ва барқарорлик мустаҳкам ўрнатилишида катта аҳамиятга эгалигини қўшимча қилди.