ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Бугун Тошкент шаҳридаги Инха университетида "Ўзбекистон 2035" форуми ўз ишини бошлади.
Аҳолининг турмуш даражаси ва ижтимоий ҳимоясини ошириш йўналишидаги сессия модератори, Бельгияда барқарор ривожланиш ва корпоратив ижтимоий масъулият соҳаси мутахассиси Малика Шарипова муҳокамалар давомида нималарга эътибор қаратилиши ҳақида айтиб ўтди.
Сессияда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш; атроф муҳитни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш ва Демократия ва ёшлар сиёсати ҳақида муҳокамалар бўлиб ўтади.
Сессия доирасида Ўзбекистонда 2035 йилгача аҳоли ижтимоий турмуш даражаси ва ижтимоий муҳоазани таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, экологик вазиятни яхшилаш ва ёшлар сиёсати бўйича қуйидаги вазифалар белгиланган:
Ижтимоий ҳимоя бўйича — ижтимоий чеклашларга қарши кураш янги ва юқори ҳақ тўланадиган иш жойларини ва самарали механизмларини яратиш. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилиш. Ходимларнинг ҳуқуқини мустаҳкамлаш, уларнинг соғлиғи ва иш хавфсизлигини таъминлаш. Иш жойидаги камситишлардан ҳимоя қилиш ва ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш.
Экологик вазиятни яхшилаш эса иқтисодиётни чиқиндиларсиз ишлаб чиқариш жараёнига ўтказиш ҳақида бўлади.
Ёш авлод билан боғлиқ сиёсий жиҳатлардан бири ёш авлодни ўқиш босқичидан иш босқичига ўтишини таъминлаш, уларни жаҳон стандартлари даражасига жавоб берадиган касблар билан таъминлаш.
Бу вазифаларни амалга ошириши учун Ўзбекистонда қандай имкониятлар бор, деган савол кўриб чиқилади.
Ушбу вазифаларнинг барчаси қонунчиликда ислоҳотларни амалга оширишни, идоралараро муносабатлар тизимини ва бошқарувлар механизмларини, бутун жамиятни ушбу жараёнга жалб этишни, шунингдек, моддий таъминотни талаб қилади.
Сессиялар давомида ушбу масалалар борасида экспертлар жаҳондаги тажрибалар билан бўлишадилар, ўзларининг қимматли тажрибалари билан бўлишадилар, жаҳондаги ривожланган давлатлар амалиётидан мисоллар келтирадилар.