ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази Малайзиянинг "Малайзия интеграллашган бизнес коллежи" раҳбарияти билан Ўзбекистонда халқаро коллеж очиш масаласида музокара олиб бормоқда, деб хабар берди Касб-ҳунар таълими маркази халқаро ҳамкорлик бўлими вакили.
Хабарга кўра, олиб борилаётган музокаралардан мақсад – Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида туризм, ресторан бошқаруви, молекуляр гастрономия ва кулинария каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган халқаро коллеж ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишдир.
Марказ раҳбари билан учрашув жараёнида жаноб С.Виравикнешвар Буюк Британия, Австралия стандартлари асосида таълим беришни назарда тутувчи халқаро коллеж ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 3,0 млн. АҚШ долларигача миқдорда инвестиция киритиш мажбуриятини олишини маълум қилди.
Музокаралар жараёнида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари, замонавий техника ва технологик тенденцияларни ҳисобга олиб, амалий кўникмаларга эга бўлган ва хорижий тилни биладиган малакали кадрларни тайёрлаш, ўқув жараёнига инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолаётганлиги қайд этилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, Касб-ҳунар таълими маркази ва Малайзия интеграллашган бизнес коллежи ўртасида ҳамкорликни бошлашга доир англашув Меморандуми имзоланди.
"Ўзбекистонда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини қайд этган ҳолда Малайзиянинг мазкур таълим муассасаси билан халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ижобий натижа беришига ишонамиз", — деди суҳбатдош.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия интеграллашган бизнес коллежи 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзия кулинария институти (Маlaysian Institute of Baking) таркибига киради. Мазкур коллеж Жанубий-Шарқий Осиёда биринчи кулинария мактаби ҳисобланади ва МДҲ давлатларида аналоги мавжуд эмас.