ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини квота асосида ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.
Унга асосан тавсияномалар қуйидаги ҳарбий хизматчиларга берилади:
— Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларига, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга — бевосита командирлари (бошлиқлари) тавсияномасига асосан улар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун;
— Ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицерлари, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилари фарзандларига берилади.
Тавсияномаларни бериш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликларда вазирлик раҳбарининг тегишли масалалар бўйича ўринбосари раислигида комиссия тузилади.
Камида беш нафар раҳбар ходимлар ва ваколатли мутахассислардан иборат бўлган комиссия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик (идора) раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.