ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. 2018 йил 25 июн куни Тошкентда "Hyatt Regency Tashkent" мехмонхонасида Осиё Тараққиёт Банки ва "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида "Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболлари — орттирилган тажриба, хулосалар ва рад этилган афсоналар" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади, деб хабар қилди "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича,Тадбирда Марказий Осиё ва Афғонистоннинг давлат электр энергия холдинг ва корпорация раҳбарлари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки мутахассислари ҳамда глобал консалтинг компания вакиллари иштирок этишади.
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа молия институтлари ҳамда етакчи халқаро компаниялар иштирокида Навоий ИЭСни кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди — қуввати 478 МВтга тенг буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.
Шунингдек, Толимаржон ИЭСда қуввати 900 МВт тенг иккита буғ-газ қурилмаси, Тошкент ИЭСда қуввати 370 МВтга тенг буғ-газ қурилмаси, Тошкент ИЭМда қуввати 27 МВтга тенг когенерацион газотурбина қурилмаси, Ангрен ИЭСда қуввати 150 МВтга тенг юқори кулчан кўмирли энергоблок ишга туширилди.
Ҳозирги кунда "Ўзбекэнерго" АЖ ва ОТБ ўртасида жами 1 млрд 700 минг долларга тенг лойиҳалар инвестиция киритилмоқда. Келгусида яна 1 млрд долларига тенг лойиҳаларни ОТБ томонидан молиялаштириш режалаштирилмоқда.
Ушбу энергоблоклар экологияни яхшилаш ва эквивалент электроэнергия ҳажмини ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфини икки баравар камайтириш имконини берди. Ҳозирги вақтда иссиқлик электростанцияларида электр қувватининг 30 фоизини янги энергосамарадор энергоблокларда ишлаб чиқарилмоқда.
Электростанциялардан қувватларни узатиб бериш учун магистрал ва тақсимловчи электр тармоқларини модернизациялаш ва ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан ОТБ иштирокида Тахиатош ИЭСдан янги Саримой кичик станциясигача 220 кВли электр узатиш линиясини қуриш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди.
Паст вольтли электр тармоқларини ривожлантириш мақсадида бутун энерготизим бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда ва натижада, тақсимлаш электр тармоқларидаги айрим ҳудудларда миқдори 15 фоизгача етадиган электр энергиясини йўқотишларини анча камайтириш тахмин қилинмоқда.
"Физика-Қуёш" илмий ишлаб-чиқариш бирлашмаси базасида "Ўзбекэнерго" АЖ таъсисчилигида Қуёш энергияси институти ташкил этилди. Шунингдек яқин 4 йил ичида "Sky Power Global" халқаро компанияси билан ҳамкорликда қувати 1000 МВТга тенг қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Ўзбекистон энерготизими Марказий Осиё БЭТнинг ўртасида жойлашган ва бу минтақа давлатлари билан электронергия алмашиш учун қулай шароит яратади. Ҳозирги вақтда ҳукуматлараро битимлар ва тузилган шартномаларга мувофиқ бу соҳада ҳамкорлик қилинмоқда.
Бундан ташқари "Ўзбекэнерго" Афғонистон Ислом Республикасига электр энергияси етказиб бермоқда, шунингдек биз 500 кВтли "Сурхон — Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуришга киришди ва бу Афғонистон энерготизимини Ўзбекистон ва Марказий Осиё ягона энерготизимига улаш имконини беради.