ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмарни қабул қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Учрашув бошида Муҳаммад Ҳаниф Атмар қурғоқчиликдан жабр чеккан Афғонистон халқига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун президент Муҳаммад Ашраф Ғани номидан Ўзбекистон Ҳукумати ва халқига самимий миннатдорлик изҳор этди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Афғонистон ва минтақа кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Президент маслаҳатчиси Афғонистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот берди. У 2018-йил 26-27-март кунлари Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича изчил ва тизимли ишлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Афғонистон томони Ташқи ишлар вазирлигининг 18-июндаги Баёнотида келтирилган тинчлик музокаралари жараёнига кўмак кўрсатиш тўғрисидаги Ўзбекистон ҳукумати мавқейини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорликнинг жадал ривожланиши мамнуният билан таъкидлади ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.