ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Самарқанд халқаро аэропортида қиймати ўттиз миллион сўмга яқин бўлган товарларни яшириб олиб ўтишга уринган фуқаро қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ ЎзАга таянган ҳолда.
Таъкидланишича, "Домодедово-Самарқанд" йўналишидаги авиарейси билан Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган Ўзбекистон фуқароси О.Ш.дан у "яшил" йўлак орқали божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида мамлакатга олиб кирилиши меъёрларидан ортиқча товарлар, тақиқланган аудио ва видео ёзувлар бор-йўқлиги сўралган.
Фуқаро бундай товарлар йўқлигини айтганидан сўнг унга тегишли бўлган багаж сумкаси холислар иштирокида текширилган.
Маълум бўлишича, фуқаро "яшил" йўлакдан 29 миллион 829 минг сўмлик 12 турдаги тиббиёт соҳасида фойдаланиладиган товарлар ва iPhone 5S уяли телефон аппаратини яширин олиб ўтаётган экан.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, фуқарога нисбатан тегишли чора қўлланилиб, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган тиббий товарлар тегишли тартибда йўқ қилинди ва iPhone 5S уяли телефони давлат фойдасига мусодара қилинди.