ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон халқаро аэропортларида икки йўлак тизими ишга тушади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Унга кўра, йўловчилар учун "яшил" ва "қизил" йўлаклар жорий этилади. "Яшил" йўлак жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги қўл юки ва кузатиб борилаётган багаждаги товарларни божхона чегарасидан декларация тўлдирмасдан олиб ўтиши учун мўлжалланган бўлса, "қизил" йўлак жисмоний шахсларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багаждаги товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиш учун мўлжалланган жой ҳисобланади.
2021 йил 1 январдан бошлаб эса мазкур тизим республика божхона чегараси орқали ўтиладиган барча автомобил ва темирйўл ўтказиш пунктларида ҳам ишга тушади.
Экспертларнинг фикрича, бу фуқароларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтишларини жаҳон стандартларига мувофиқ тарзда амалга ошириш имконини беради, чегарадаги расмиятчиликларни енгиллаштиради ҳамда туризмнинг ривожланиши учун қулай шароит яратади.
"Яшил" йўлакка кириш оқ фонда яшил рангли саккиз бурчак шаклидаги, давлат тили, рус тили ва инглиз тилларида яшил рангда "Yashil yo'lak", "Зеленый коридор" ва "Green channel" ҳамда "Yozma deklaratsiyalanmaydigan tovarlar" "Товары, не подлежащие письменному декларированию" ва "Nothing to declare" ёзувлари туширилган белги билан белгиланади.
"Қизил" йўлакка кириш оқ фонда қизил рангли квадрат шаклидаги давлат тили, рус тили ва инглиз тилларида қизил рангда "Qizil yo'lak", "Красный коридор" ва "Red channel", "Yozma deklaratsiyalanadigan tovarlar", "Товары, подлежащие письменному декларированию" ва "Goods to declare" ёзувлари туширилган белги билан кўрсатилади.