ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан ўтказилаётган бевосита мулоқот чоғида хорижлик фуқаронинг Ўзбекистонга кириш чоғида ёнида бўлган дори воситалари олиб қўйилганлиги ва бу қанчалик қонуний эканлиги ҳақида савол келиб тушди.
Камилов ушбу саволга жавоб бераркан, бошқа мамлакатга сафарга чиқаётган инсон аввало ўша мамлакатнинг урф-одати, қонун-қоидалари билан озгина бўлса-да танишиб чиқиши лозимлигини айтди ва Ўзбекистон Божхона қўмитаси вакили вазирнинг ушбу фикрига қўшилган ҳолда қуйидагича қўшимча қилди:
Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган ҳар бир шахс божхона декларациясини тўлдириши ва ўзи билан олиб кираётган буюм ва валюталар ҳақида маълумотни кўрсатиши шарт.
Олиб кириш миқдори қонунан чекланган дори воситалари декларацияда кўрсатилмаган бўлса улар олиб қўйилади.
“Афсуски, аксарият фуқароларимиз ўзлари билан олиб келаётган валюта миқдорини божхона декларациясида кўрсатишдан қўрқишади. Ёнингизда қанча пул бўлса ҳам қўрқмай декларацияда кўрсатишингиз мумкин. Ўзбекистон ҳудудига валюта олиб киришда ҳеч қандай чеклов йўқ. Истаганингизча пул билан киришингиз мумкин”, деди божхона вакили.