ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбекистонда 23 июнь куни дунё бўйлаб байрам қилинадиган Халқаро Олимпия кунини (International Olympic Day) кенг нишонлаш режалаштирилган ва бунинг учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ўша куни Миллий олимпия қўмитаси томонидан қатор тадбирлар ўтказилади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Режага биноан, куннинг биринчи ярмида анъанавий марафон ва енгил атлетика бўйича мусобақа уюштирилади.
Кечки пайт эса "Миллий" (собиқ "Бунёдкор") стадионида бўлиб ўтадиган байрамда спортчилар ва санъаткорлар иштирокида турли кўргазмали чиқишлар ташкил этилади.
Мазкур спорт байрамига 30 000дан ортиқ меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Стадионда гимнастика, теннис, велоспорт, бокс, қиличбозлик, яккакурашлар ҳамда енгил атлетика усталари ўз маҳоратларини йиғилганларга намойиш этадилар.
Тадбирнинг асосий қисмида шоу-бизнес юлдузлари ва ZO'R TV телеканали бошловчилари ўртасидаги футбол ўйини ташкил қилинади.