ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия президенти Владимир Путинга биргаликда С-500 зенит ракета мажмуаларини ишлаб чиқаришни таклиф этди, деб хабар қилди РИА Новости Haber 3га таянган ҳолда.
Бундан ташқари, Туркия президенти Москва ва Анқара ўртасидаги С-400 бўйича бўлган келишувларга АҚШ ва НАТО томонидан бўлаётган танқидларга ҳам муносабат билдириб ўтган.
"Нега улар Греция эга бўлган С-300 борасида лом-мим дейишмади? Туркияга нисбатан бундай сиёсатни тушуниш мумкин эмас. Бизнинг мудофаа саноатимизнинг ўз эҳтиёжлари бор, ва биз уларни қондиришга ҳаракат қиламиз". — деган Эрдўғон.
Илгарироқ Туркия етакчиси Анқара россиядан олинган С-400 зенит ракета мажмуаларини зарурат туғилганда ишлатишга тайёрлигини маълум қилган эди. "Улар мудофаа тизимлари. Агар улардан фойдаланмасак, унда уларни нима қиламиз", — деб таъкидлаган Эрдўғон.
Ўтган йилнинг декабр ойида Туркия ва Россия ўртасида С-400 бўйича кредит келишуви имзоланган. Анқара 2,5 миллиард долларга ушбу мажмуаларнинг иккита батареясини харид қилишини ва бу батареяларга туркиялик ходимлар хизмат кўрсатишини таъкидланганди. Томонлар, шунингдек, Туркияда С-400 ишлаб чиқарилишини ривожлантириш борасида технологик ҳамкорликка келишиб олишди.