ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Ислом Каримов фонди Фейсбук саҳифаларида Анвар қори Турсунов вафоти билан некролог эълон қилинди.
Биринчи президентимиз Ислом Каримов ҳам Анвар қори Турсуновга алоҳида меҳр қўйган эдилар.
Забардаст уламо кўп бора Биринчи президентимиз билан ҳамсуҳбат бўлган. 2009 йилда тўғри йўлдан адашган кимсалар элимиз ардоғидаги имомга суиқасд уюштириб, у киши оғир хаста бўлиб ётиб қолди. Имом-хатибнинг кейинчалик ҳикоя қилишича, ўша кезлар Ислом Каримов у кишини яқиндан қўллаб-қувватлаб, улкан кўмак ва далда берганлар.
Бу икки инсонни самимий ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, миллатпарварлик каби фазилатлар бирлаштириб турган, десак хато бўлмайди.
Атоқли имом ёзган хотирасида Биринчи президентимиз масжид қурилишининг бошидан охирига қадар меъмор ва усталарга қимматли тавсия ва кўрсатмалар бериб борганларини ёдга олган, марҳум Юртбошимизни "Оллоҳ таоло ато этган ноёб иқтидор, тафаккур ва салоҳиятга эга зот", дея таърифлаган эди.
Анвар қори Биринчи президентимизнинг жасадларини ювишда қатнашгани ҳам тасодиф эмас. Имом-хатиб кейинчалик Ислом Каримовнинг юзларида табассум зуҳур этгани, ювиш чоғида эса қошлари қалинлашиб, юзлари ёришиб кетганини сўзлаб берган эдилар.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи ражиун.
Меҳрибон Аллоҳ таоло Анвар қорининг динимиз ривожи йўлидаги барча солиҳ амалларини қабул айлашини, охиратларини обод қилишини сўраймиз. Жойлари жаннатдан бўлсин", — дейилади некролог матнида.