ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокимлиги шаҳардаги тарихий почта биноси хавф остида қолганлиги тўғрисидаги хабарларга раддия берди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Шунингдек, қурилиш олиб бориладиган ҳудудда жойлашган Самарқанд почтасининг бир асрдан олдинроқ қурилган тарихий биноси хавф остида қолиши мумкинлиги тилга олинган. Бу борада тарихий обидаларни асраш бўйича инспекция томонидан ушбу ҳудуд ҳимоя остига олингани, шунга қарамасдан, бузиш ишлари давом этаётгани ёзилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 27-28 август ва 2 сентябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган мажлис баёнининг 41-банди ҳамда "Инвестиция ва инфраструктура лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 3 февралдаги қарорига асосан ушбу ажратилган ер майдонида Самарқанд давлат медицина институтининг 800 ўринли янги ўқув биноси қурилиши Инвестиция дастурига киритилган.
Ушбу ҳужжатлар асосида Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 майдаги "Турар ва нотурар жойларини бузиш тўғрисида”ги қарори чиқарилган. Ушбу қарор билан белгиланган объектларни бузиш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилган. Қарорнинг 1-иловасида кўрилиши белгиланган бинонинг остида жойлашган, бузилиши кўрсатилган турар ва нотурар жойларининг рўйхати тасдиқланган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи томонидан бузиладиган турар ва нотурар жойларининг мулкдорлари ёзма равишда, расман огоҳлантирилган.
Шунингдек, Шаҳарсозлик кенгаши томонидан ўқув биносининг лойиҳаси тасдиқланган. Ушбу кенгаш таркибида минтақалараро давлат инспекцияси ҳам иштирок этган.
Хозирда Самарқанд шаҳар почтаси жойлашган, ҳақиқатдан ҳам ЮНЕСКОнинг рўйхатига киритилган мазкур бино қурилиши белгиланган ўқув биносидан камида 12 метр олис масофада жойлашган.
…Самарқанд шаҳрида тарихий-маданий объектлар жуда кўп. Уларни асраб-авайлаш, авлодлар учун зиён-заҳмат етказмасдан сақлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаяпти.
Кейинги пайтларда Самарқандга туристларнинг келишини кўпайтириш борасида кўплаб ишлар бажарилмокда. Ана шундай бир пайтда нафақат вилоят, балки республика раҳбарияти томонидан жиддий чоралар кўрилаётир.
Мақолада келтирилган манзилдаги объект хам шаҳарнинг бебаҳо бойлиги саналади ва бу ҳар қачонгидан ҳам жиддий равишда муҳофаза қилинади.
Айрим шахслар эса мана шундай саъй-харакатларни тушунмасдан, ўз манфаатини кўзлаб, уйдирма гапларни уйлаб топиб, интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали ўзларининг ғаразли ниятларини кўпсонли аҳолига тарқатишга уринмоқда.
Самарқанд медицина институти ўкув бинолари бугунги кунда шаҳарнинг турли худудларида тарқоқ, мослаштирилган иншоотда жойлашган. Янги ўқув биносининг қурилиши натижасида бўлажак медицина ходимлари асосан битта бинода таълим олиши учун имконият яратилади.
Бундан ташқари, талабаларнинг вақти, маблағи тежалади, таълим олиш сифатини ошириб, замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Қолаверса, янги бино шахар кўркига кўрк қўшади, дейилади ҳокимлик томонидан берилган раддияда.