ТОШКЕНТ, 10 июн – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кенг доирадаги музокараларида савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлашга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.
“Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдоси ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошди. Лекин бу мавжуд имкониятларимизнинг чеки эмас.
Бизнинг фикримизча, товар айирбошлашни янада ўстириш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш керак.
Шунингдек, биз давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда “яшил йўлаклар” тармоғини кенгайтириш тарафдоримиз», деди Шавкат Мирзиёев.
Ундан ташқари, Президент ўз нутқида, Ўзбекистон, транспорт ва логистика муносабатларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой, Мозори Шариф – Ҳирот” темир йўллари, “Марказий Осиё – Форс кўрфази”, “Шимол – Жануб” ва “Шарқ – Ғарб” трансминтақавий транспорт алоқалари лойиҳаларни ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига асосан.