ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимига қаршилик кўрсатгани учун фуқарога 360 соатлик мажбурий жамоатчилик иши жазоси берилган, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик ҳайдовчи ГАИ ходимига бўйсунмасдан унга қўпол муносабатда бўлгани, шунингдек, ўртага тушган аёлини ҳам калтаклагани акс эттирилган видео тарқалган эди.
Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотга кўра, ушбу воқеа 2017 йилнинг май ойида содир бўлган.
Қонликўл тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи инспектори, кичик сержант О.Бегжанов А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган вақтида, қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиб келаётган “Нексия” автомашинани тўхтатган ва ҳайдовчи А.Е.Утемуратовдан тегишли ҳужжатларни сўраган. Ҳайдовчи ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмаган.
Шу сабабли инспектор автомашинани вақтинчалик жарима майдонига қўймоқчи бўлганида, ҳайдовчи унинг қонуний талабига бўйсунмасдан, қўпол муносабатда бўлган, яъни инспекторнинг хизмат кийимидан ушлаб, йўлнинг пастки қисмига итариб юборган.
2017 йилнинг 15 ноябрь куни Қонликўл туман жиноят ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, судланувчи Утемуратов Азамат Ерназар ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун айбдор деб топилиб, унга нисбатан "360 (уч юз олтмиш) соат мажбурий жамоатчилик иши" жазоси тайинланган.