ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низом эълон қилинди.
Низом талабларига кўра, тарбияланувчиларни мактабгача таълим муассасасига олиб келиш ва олиб кетишда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс тарбияланувчини шахсан гуруҳ тарбиячисига топшириши, шунингдек уни олиб кетишда гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчини унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсга топшириши лозим.
Болалар боғчасидан ташқаридаги барча сайр ва экскурсиялар ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Тарбияланувчилар учун боғча ҳудудидан ташқарида сайр ёки экскурсиялар режалаштирилганда мактабгача таълим муассасаси раҳбари ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар хабардор қилиниши шарт.
Тарбияланувчи мактабгача таълим муассасасида бўлган вақтда соғлиғининг ёмонлашуви, шунингдек бошқа нохуш ҳолатлар кузатилган ҳолларда мактабгача таълим муассасаси ходимлари томонидан зудлик билан тиббиёт ҳамширасига, шунингдек тарбияланувчининг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабар берилади.
Бунда тарбияланувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўринини босувчи шахслар етиб келгунга қадар тиббиёт ходими томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.
Тарбияланувчилар мактабгача таълим муассасасида бўлган вақтда уларни ёлғиз ва назоратсиз қолдириш тақиқланади.