ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси пенальтилар сериясида Покистон устидан ғалаба қозониб жаҳон чемпионига айланди.
Асосий ўйин вақтида ҳисоб 1:1 билан якунланди. Ундан кейин белгиланган пенальтилар бўйича 5:6 ҳисобида Ўзбекистон ғалаба қозонди. Сўнгги ҳал қилувчи голни Ўзбекистон жамоаси дарвозабони Сергей Исламов урди.
Ўзбекистон терма жамоаси қуръага кўра Россия ва Покистон терма жамоалари билан бирга "А" гуруҳидан жой олганди. Ўзбекистонликлар Покистон билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди, Россияни эса 2:0 ҳисобида мағлуб этиб гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлишди.
Драматик тарзда кечган чорак финал баҳсида ўзбекистонлик футболчилар Непал термасини 2:1 ҳисобида енгишди.
Ярим финалда Бурунди устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Sputnik мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Жамшид Асадов ушбу мусобақада илк бор иштирок этишаётганини ва тарихда қолиш, Ўзбекистон халқини хурсанд қилиш ниятида эканликларини айтганди.
Улар буни уддалашди! Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор иштирок этган мусобақада жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
Жаҳон чемпионлари билан танишинг: Сергей Исламов, Данил Шаплов, Жаҳонгир Очилов, Тоир Эргашбоев, Руслан Котов, Руслан Караханян, Азиз Эсенбаев, Эдгар Шамшилов, Салим Сон.
Бош мураббий — Жамшид Асадов.
Азиз Эсенбаев ўғил болалар ўртасида мусобақанинг энг яхши ҳимоячиси деб топилди.
Биз ўзбекистонлик футболчи болаларни, ўзбек футболи мухлисларини бу тарихий ғалаба билан табриклаймиз.