ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Unitel компанияси (Голландиянинг Veon Ltd холдинги шўъбаси, Beeline бренди остида фаолият кўрсатади) “Флешка” савдо марказининг биносида жойлашган асосий таянч станцияси ишини тўлиқ тиклади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"Кеча 23:00да Beeline энергетикларига таянч станциясига киришга рухсат берилди. Қурилмалар электр таъминоти, овоз сервислари ва мобил интернет хизмати тўлиқ ҳажмда тикланди", — деб маълум қилди компаниядагилар Sputnik мухбирига.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ номаълум шахслар томонидан “Флешка” савдо марказининг биносида жойлашган асосий таянч станциясининг электр таъминоти ўчириб қўйилганди.
Натижада “Флешка” савдо маркази атрофида, Тахтапул, Шайхонтоҳур, Кўргазма, Нурафшон, Ифтихор, Янгиариқ, Хуршида ва Тўхтасин Жалилов кўчаларида, Садриддин Йўлдошев ва Шароф Рашидов кўчалари кесишган Кичик Ҳалқа йўли атрофида, шунингдек Себзор кўчасида Нурафшон кўчасидан Зулфия Хоним кўчалари кесишмасида овозли алоқа ва мобил интернет сифати ёмонлашгани кузатилган.
Unitel компанияси 1996 йилда ташкил этилган. 2006 йилдан буён компания Beeline савдо маркаси остида хизмат кўрсатади. 2017 йил якунларига кўра Ўзбекистонда компания абонентлари сони 10 миллионга яқинлашган.