ТОШКЕНТ, 26 апр – Sputnik. Намангандаги "Foton do"stlik servis" МЧЖ Хитойнинг Foton Motor ширкати билан ҳамкорликда Наманган вилоятининг Поп шаҳрида "FOTON" русумли ўрта ҳажмли Хитой юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлади. Бу ҳақда vodiymedia.uz хабар бермоқда.
"Умумий лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлган бу заводни жойлаштириш учун 15 гектар майдон ва бўш турган эски завод биноси ноль қийматда тақдим этилди. Ўзбекистон Республикасининг сармояси 51%, хитойлик ҳамкорларнинг ҳиссаси эса 49 % га тенг бўлган бу завод йилига 15 минг дона Foton Forland ўрта ҳажмли юк автомобиллари ишлаб чиқаради", — деган Vodiymedia.uz мухбири билан суҳбатда "Foton do"stlik servis" МЧЖ раҳбари Воҳиджон Ҳомидов.
Хабарга кўра, мустақиллик байрами арафасида илк маҳсулотни конвейердан чиқариш режалаштирилган.
Бугунгача Хитойнинг Foton Motor ширкатининг Ўзбекистондаги дистрибьютори сифатида фаолият юритган "Foton do"stlik servis" МЧЖ бу янги заводда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган 4 русумдаги автомобилларни тўла ишлаб чиқариш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу эса, ўз навбатида чиқадиган маҳсулотга хорижда бўлган талабдан келиб чиқиб, биринчи кундан 50% гача экспортни таъминлайди.
Янги заводда дастлаб юз фоиз хорижий бутловчи қисмлардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, кейинчалик қисмларни муттасил равишда максимум даражада маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
"Foton do"stlik servis" заводининг тўла ишга тушиши билан 300 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланади. Ҳозирдаёқ 50 дан ошиқ ходим ишга бошлаб улгурди. Ишлаб чиқариш жараёнини тўла ўзлаштириб олгунларига қадар маҳаллий ходимларга Хитойдан келадиган 10 нафар малакали уста касб сирларини ўргатади.