ТОШКЕНТ, 24 апр – Sputnik. ХХР Давлат кенгаши Вашингтон ўзини ўзи "ахлоқ судьяси" ва "инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" этиб тайинлаб олганини, АҚШнинг ўзида бу борада вазият мунтазам ёмонлашаётганини таъкидлаган ҳолда "2017 йилда АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ҳақида" деб номланган маърузасини эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Ўтган ҳафтада АҚШ давлат департаменти жаҳонда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши борасида навбатдаги йиллик маърузасини эълон қилган, унда Сурия, КХДР, Мьянма, Хитой, Эрон, Туркия, Венесуэла ва Россияни танқид қилганди.
"20 апрел куни АҚШ давлат департаменти 2017 йилда жаҳонда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. АҚШ "инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" ролини ўйнаш ва ўзини "ахлоқ-одоб судьяси" деб ҳисоблашда давом этган ҳолда бошқа мамлакатларнинг ички иши ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни ўзбошимчалик билан муҳокама қилмоқда, уларнинг танқиди бемаънилик ва англашилмовчиликлари билан ажралиб туради. Гўёки бу оламда инсон ҳуқуқларига амал қилиш билан боғлиқ вазият фақатгина АҚШда идеалдек тасаввур уйғонади", — дейилади эълон қилинган ҳужжатда.
Ҳужжатда қайд этилишича, "АҚШда жиноятчилик даражаси ўсмоқда, ҳукумат ҳали ҳам ўқотар қуроллар билан боғлиқ муаммони ҳал қила олгани йўқ, қурол ишлатиш билан боғлиқ жиноятлар сони тўхтовсиз ошмоқда, полициянинг хизмат вазифасини бажариш вақтидаги шафқатсизлиги норозиликлар уйғотмоқда, ҳукумат ҳеч ким билан ҳисоблашмасдан ва ўз билганича фуқароларнинг интернетдаги шахсий ҳаётига аралашмоқда ва шахсий дахлсизликнинг барча чегараларини бузмоқда, аҳолининг ҳаёти ва эркинлиги жиддий хавф остида қолмоқда".
ХХР Давлат кенгашининг маърузасида АҚШда ирқлараро муносабатлар ёмонлашишда давом этаётгани, ирқий адоват асосида айнан АҚШ ҳудудида низолар тез-тез рўй бераётганлиги қайд этилади. Бунга мисол сифатида суд ишлари бўйича статистика келтирилади. Унга кўра, АҚШда қора танли эркаклар бир хил вазиятдаги оқ танлиларга нисбатан 19,1%га кўпроқ қамоқ муддатини олади. Таъкидланишича, АҚШда турли кам сонли миллатлар вакилларининг ойлик маоши сезиларли даражада паст. Мусулмонларга нисбатан камситиш даражаси эса 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейинги пайтдагидан ҳам юқори.
Хитойлик таҳлилчилар шунингдек АҚШда қашшоқлик юқори даражада эканлигини қайд этишган. Уларнинг билдиришича, бу ерда 40 миллиондан ортиқ киши қашшоқликда, бундан 18,5 миллиони ўта қашшоқликда кун кечиради. Маърузага кўра, таълим ва тиббий хизматлар кўрсатишдаги муаммолар, вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш улкан хавотир уйғотади.
Шунингдек, ҳозирда АҚШда аёллар камситилиши юқори даражада бўлиб, улар тез-тез руҳий, жисмоний ва шаҳвоний зўравонлик қурбонига айланишмоқда. Зўравонликдан, хусусан, шаҳвоний зўравонликдан болалар ҳам ҳимояланмаган, имконияти чекланган кишилар эса таҳқирлаш ва тазйиқларга учрамоқда.
Хитой ҳукумати маърузасида кейинги вақтда АҚШнинг турли штатларида содир бўлган ва юзлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган оммавий отишмалар ҳақида ҳам эслатилади. Лас-Вегасдаги 60 киши ҳалок бўлган ва 500дан ортиқ инсон яраланган отишма тилга олинади, мактаб ва жамоат жойларида отишмалар тез-тез содир бўлаётганлиги айтилади.
ХХР Давлат кенгашининг таъкидлашича, АҚШнинг бошқа мамлакатлардаги ҳарбий операциялари кўпсонли инсонлар ўлимига ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.