ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 13 апрель соат 21.30 ларда номаълум шахслар "Ласетти" машинасида А.Ўлжаевнинг уйига келиб ўзларини ДХХ махсус хизмати ходимлари деб таништиришади. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Фуқаронинг ўз мурожаатида билдиришича, улардан бири хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, унга нисбатан Тошкент шаҳрида жиноят иши қўзғатилганлиги ва тергов ҳаракатларини ўтказиш учун уни Тошкентга олиб бориш кераклигини айтади.
Улар унга нисбатан тазйиқ ўтказмаслик ҳамда ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига 1 миллион доллар беришини талаб қилганларидан сўнг А.Ўлжаевнинг уйи олдида номаълум шахслар ундан 500 минг долларни товламачилик йўли билан олиб воқеа жойидан яширинишган.
Ушбу жиноятни Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи Б.Қосимов, Самарқанд шаҳрида яшовчи П.Гулямов, С. Маҳмудов, М.Юсупов ва А.Мамедовлар содир этганликлари аниқланган. Уларнинг барчаси илгари судланган шахслар бўлган.
Кўрилган чоралар натижасида Б.Қосимов ва П.Гулямовлар ушланган. С.Маҳмудов, М.Юсупов ва А.Мамедовлар Россиянинг Қозон шаҳрида қўлга олинган.