ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. "Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар "раҳмат" демайди. Нима учун мен Сирдарёнинг марказида мажлис ўтказмаяпман? Нима учун мен шунча узоққа — Сайхунободга келдим? Чунки вазиятни биламан. Мен сафарларга қарсак эшитиш ёки мақтовлар айтиш учун эмас, балки вазиятни яхшилаш учун чиқаман", — деди Сирдарёда ўтказган видеоселектор йиғилиши давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Президент йиғилиш давомида вилоятларга амалга оширадиган ташрифлари хусусида тўхталди ва ўз атрофидаги мансабдор шахсларга ҳар доим "кўп тайёргарлик қилишмасин", дея топшириқлар беришини таъкидлади.
"Лекин кўп жойларда жуда кўп кўзбўямачилик (бўлаяпти). Очиқ бир пайтлар ўзим шунга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатганман. Бугун ана шундай кўзбўямачилик қилиш (давом этмоқда). Одамларни, айниқса ижтимоий соҳа вакилларини мактабдаги ўқувчи ва талабаларни мажбурлаб ободонлаштириш ишларига олиб чиқиш — бу сиёсатга хиёнат қилаяпсилар сизлар. Фақат менга эмас, сиёсатга хиёнат қилаяпсилар. Кимга керак? Мен деворнинг орқасида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча шипирилган, қайси дарахт йиқилиб ётганини жуда яхши биламан", — деди Ўзбекистон президенти.
Ўзбекистон раҳбари шунингдек, ўзи юрадиган йўлдаги нарсалар бўяб қўйилгани билан одамлар "раҳмат" айтмаслигини қўшимча қилди.
"Нима учун мен Сирдарёнинг марказида мажлис ўтказмаяпман? Нима учун мен шунча узоққа Сайхунободга келдим? Мен вазиятни биламан, бизнинг дўстларимизам кўп, душманларимизам жуда кўп. Силар ана шу ишларинг билан душманларнинг тегирмонига сув қўяяпсилар", — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи давомида "энг муҳим" жиҳатларга рус тилида икки оғиз изоҳ бериб ўтди.
"Мен вилоятларга сафар олдидан 2-3 кун олдин қайсидир вилоятга боришим ҳақида эълон қилинади. Бирон бир вилоятга кўринмас одамдек келиб-кета олмайман. Мен шароити оғир туманларни танлашга ҳаракат қиламан. Мана Самарқандда бир ўқитувчи вафот этди. Президент ташрифигача 3 кун олдин рўй берган бу, лекин менинг юрагимда бу мен туфайли бўлгандек қолди", — деди президент.
"Мен бу нарсани айтишга мажбурман, чунки бундай "медвежья услуга"лар, (рус тилидан ўгирганда кўнгилсизлик келтириб чиқарадиган нўноқ хизматлар") давом этаяпти". Менинг юрагимда жуда катта армон, азоб бор. Халқимизнинг қандай аҳволда турганини мендан яхши ҳеч ким билмайди. Мен ўзим кулиб юрсам ҳам, ичимда дардим жуда кўп. Ана шуни ҳаммаларинг, илтимос, билишларинг керак. Дўст бўлсаларинг, қилманглар бу ишларни.
Душманларимиз жуда қарсак чалиб "мана кўчада у бўлаяпти, кўчада бу бўлаяпти", деган гапларни айтди.
Марказдан 200 метр кирсак, аҳвол қандайлигини жуда яхши биламан", — дея давом этди президент.
"Шунча йил ҳеч бало қилмаганимиз, 1,5 йилда қилиб бўлмаслигини ҳам биламан. Ишсиз, норизо, қарши юрган одамларни ҳам жуда яхши биламан. Мана шуни ҳаммаларинг билинглар", деди президент ҳамда видеоселектор йиғилишларида одамларни тайёрламасликка, уларда қандай савол бўлса, президентга бериш имкониятини беришни таъкидлади.
"Мен вазиятни яхшилашга келганман, баландпарвоз гаплар, қарсак эшитишга ёки мақташга келганим йўқ", — деди Мирзиёев.