ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ шаҳар кўчаларини ифлослантираётган қурилиш ташкилотларига қарши тозалик рейдлари бошлади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Айни дамда Тошкентда кўплаб қурилиш майдонлари мавжуд. У ерга қурили материаллари олиб келаётган ёки қурилиш чиқиндиларини олиб чиқаётган юк автомобиллари шаҳар кўчаларини ифлослантирмоқда.
Ўтган йилнинг октябрь ойида барча қурилиш майдонларини у ердан чиқаётган юк автомобилларининг ғилдиракларини ювиш масламалари ўрнатиш ҳақидаги қарори чиққан эди. Лекин ўтган давр мобайнида бу шаҳардаги вазиятга таъсир кўрсатмади.
Қурилиш ташкилотларининг аксарияти ҳокимиятнинг ушбу талабини бажармаяпти. Бунинг оқибатида шаҳар кўчаларининг ифлосланиши ортиб, ҳаводаги чанг миқдори ҳам ошиб бормоқда. Қурилиш майдонлари атрофлари таниб бўлмас баъзан ўтиб бўлмас даражада ўзгариб кетган.
ИИББ шаҳар орқали қурилиш материаллари олиб ўтганда маълум қоидаларга бўй суниш кераклигини эслатиб қўймоқда. Масалан тупроқ, қум, қурилиш чиқиндиларини ташиётган автомобилларда ортилган юк автомобил бортидан баланд бўлса, уни брезент билан ёпиш талаб қилинади.
Кузги-қишги мавсумда юк машиналари ўтаётган кўчалар қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқдан тозаланиши керак. Ушбу қоидаларга амал қилинмаган ҳолларда қурилиш ташкилотлари раҳбарларига Маъмурий жавобгарлик кодексининг 147 моддасига биноан (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш) жарима солиниши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик кодексида ушбу қоидабузарлик учун энг кам ойлик маошнинг 10 бараварига тенг миқдорда жарима солинади.