ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Куни кеча иншонланган Наврўз тантаналаридан кейин сайилгоҳ сифатида хизмат қилган манзиллар ахлатхоналарга айланди. Абдували Қурбонов ники остидаги фойдаланувчи хиёбонларни суратга олиб, Фейсбук ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳига жойлади.
"Байрамдан кейинги ҳолат… Нима дейишни ҳам билмаймиз…", — деб ёзган пост муаллифи суратларга изоҳ берар экан.
Интернет фойдаланувчиси нима дейишни билмаган бўлса-да, ушбу постга кўзи тушган гуруҳ аъзолари нима дейишни яхши билишган ва қуйидаги изоҳларни қолдиришган.
Азизбек Аллабергенов никли фойдаланувчи пост муаллифига бу ҳолатни кўрсатганига учун раҳмат айтиб, вазиятга "… халқда ҳали даҳлдорлик туйғуси шаклланмаганнининг яққол кўриниши….", дея изоҳ берган.
"Шармандалик", — деган холос Турғунов Жасур.
"500 доллардан штраф қилиб қўйишса, муаммо ҳал бўларди. Табиатни асраш ўз қўлимизда", — деб таклиф киритган Саида исмли фойдаланувчи.
"Маориф ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатдан озод қилинса аҳвол шууу" демоқчи бўлган постми бу??? Ёки "комхоз (ободонлаштириш) ходимлари ишламаяпти ёки етишмаяпти"ми? Балки "Урна (аҳлат қути)лар етарли бўлмаганлиги туфайли"дир? Чиқинди ташлагани муайян жойлар бормиди ўзи? Ким шира босган қоғозларини қўлида кўтариб юради?
P.S. Айбни кимгадир ағдаришдан аввал етарли ечимини мухайё этиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади манимча…", — деган у.
"Гап урнадамас, одамлар жуда бефаросат бўлиб кетишган", — деган яна бир фойдаланувчи.
"Одамни молдан ва эшшакдан фарқи сал тозаликка эътиборлироқ бўлади, ит ҳам ётган жойини тозалаб ётади думи билан…афсус..", — деб ёзган Зохиджон Эргашев.
Изоҳ қолдираётганларни аксарияти ҳақоратли сўзлар қолдиришган. Кесатиқли изоҳ берганлар ҳам кўп.
"Ҳаммасига турк сериаллари, Ишани, анови ўзбекча гапиришни билмайдиган Райҳон, СССР, Трамп, кирил алифбоси, Самвел Бабаян, эшак гўштини сотганлар, солиқчилар, прокурорлар, ҳокимлар, божхоначилар, поликлиника бош врачлари айбдор. Оддий халқимизда умуман айб йўқ. Номаъқул ишларни қилмайди", — дея кесатган фойдаланувчилардан бири.
"ТВ орқали ҳадеб эр —хотинчиликни, қайнона-келин жанжалларини олиб чиқавермай шу каби масалаларни кўтариш керак, чунки тарбия бир дарахт. Дарахт илдизсиз бўлмайди…", — деб ёзган Насибахон Эргашева.
Шунингдек, фойдаланувчилар орасида (байрам иштирокчилари бўлишса керак) "Оббо, шуям муаммоми?", деганлар кўпчиликни ташкил қилган.
Ахлатга айланган сайилгоҳ сурати остида "Моллар!" дея изоҳ қолдираётганлар ҳам кўп. Ушбу фойдаланувчилар эса байрамда иштирок этмаганлар бўлса керак, деган тахминга бориш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Наврўзни кетма-кет беш кун давомида нишонламоқда. Байрам олдидан республиканинг барча ҳудудларида умумхалқ ҳашари ўтказилиб, унда 20 миллионга яқин фуқаролари иштирок этдилар. Икки кун ичида ҳашар иштирокчилари 22 миллион дарахт кўчатлари, 14 миллион гул кўчатларини экдилар ва 45 минг гектардан зиёд ҳудудни, 8 минг қабристонни ободонлаштирдилар, 27 минг километр ариқлар ҳашар ёрдамида тозаланди.