ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида оилада фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар, айниқса, туғруқхонадан чақалоқни олиб чиқиш тадбирларидаги дабдабабозлик, миллий урф-одатларимизга зид бўлган ортиқча маросимларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда тиббиёт муассасаларида акушер-гинекологлар, оила шифокорлари, патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ҳомиладор аёллар, қайнона-қайноталар билан алоҳида тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Чақалоқ дунёга келиши билан ўтказиладиган ортиқча дабдабабозликдаги маросимларнинг янги туғилган гўдак ва она соғлигига салбий таъсири тиббий нуқтаи назардан тушунтирилмоқда. Айниқса, чақалоқ туғилгач, дастлабки қирқ кун она ва бола соғлиги учун энг муҳим палла экани, бу муддат ичида қариндош-уруғларнинг йўқлови ҳам улар саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда.
"Чилла даври деб айтиладиган бу муддатга халқимиз қадимдан ҳам алоҳида эътибор қаратиб келган", — дейди Шодмонов.
Вазирнинг билдиришича, биргина Тошкент шаҳрида ушбу тарғиботлар натижасида мингга яқин ёш оилалар туғруқ мажмуасидан чиқиш жараёнларини ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларсиз, миллий урф-одатлар бўйича ўтказишди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўй-маросимлардаги ортиқча дабдабабозликларни кескин танқид қилганди.