ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва "Нуроний" жамғармаси фаолларининг ўзбекистонликларга мурожаатини эълон қилди.
"Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу — тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди.
Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.
Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда.
Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти", — дейилади мурожаатда.
Шунингдек, фаоллар тўй ва маросимлар шахсий иш эмаслиги, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масалалигини алоҳида қайд этганлар.
"Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда", — қўшимча қилинган мурожаатда.
Шу муносабат фаоллар ўзбекистонликларни ўз ҳудудларида тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишга даъват қилган.
Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқайлик ва уларга қатъий амал қилайлик", — дейилади фаоллар мурожаатида.
Шунингдек, мурожаатда оилавий тадбирларда санъаткорларнинг иштирокига доир масала ҳам кўтарилган.
Фаоллап Ўзбекистон хотин-қизларига мурожаат қилар экан,кўп масала аёлларга боғлиқлигини алоҳида таъкидлашган.
"Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини сизларнинг иштирокингизсиз тасаввур этиш қийин. Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келмоқдасиз.
Шундай экан, ижтимоий ҳаётимиздаги нуфузингиз ва мавқеингиздан фойдаланиб, тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб беришингиз лозим", — дейилади опа-сингилларга мурожаатда.
Мурожаатнинг ёшларга аталга қисмида уларнинг вазифаси "шиддат билан тез ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида замонавий илм-фан ютуқларини, ахборот-коммуникация технологиялари сирларини, чет тилларни пухта эгаллаш, мамлакатимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга ҳисса қўшишдан иборат"лиги эслатиб ўтилган.
"Бугунги дунё тараққиётидан яхши хабардор бўлган XXI аср ёшлари сифатида сизлар миллатимиз шаънига доғ туширадиган бундай салбий иллатларга қарши курашда ташаббус ва фаоллик кўрсатасиз, деб ишонамиз.
Аввало, ўзингизнинг, қолаверса, миллатимизнинг шаънини, ота-оналарингиз саломатлигини, бўлғуси оилангиз бахтини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказишга ташаббускор бўлинг!", — дейилади ёшларга даъватда.
Фаоллар тўй-маъракалар ўзбек миллатининг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу эканлигини, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказиш лозимлигини таъкидлашган.
Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз", — дейилади мурожаатда.