ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Самарқанд шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами ҳудудларда умумхалқ сайли тарзида барча хиёбонлар, истироҳат боғлари, сайилгоҳларда, маҳаллалар ва корхона-ташкилотларда юқори савияда ташкил этилиши белгиланган, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Наврўз байрами эрталаб янграган карнай-сурнай садолари, ажойиб куй-қўшиқлар Самарқанд аҳли ва меҳмонларни Наврўз сайлига чорлайди. Шу куни "Ёшлик" маданият ва истироҳат боғида байрам ва кўклам мавзусига доир театрлаштирилган томошалар намойиш этилади, бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари, санъаткорлар иштирокида концерт дастури иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинади.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги байрам тадбирларида нон, китоб ва гул сайллари, шеърхонлик яъни мушоира ўтказилади, санъаткорлар ижросида миллий мумтоз қўшиқлар куйланади, миллий таомлар ва урф-одатлар кўргазмаси ташкил этилади. Шунингдек, бадиий ҳаваскорлар ижросида концерт дастури, байрам мавзусини ўзида жамлаган саҳна кўринишлари намойиш қилинади.
Миллий спорт ўйинлари ва мусобақалар Рудакий майдонида ташкил этилади. Алишер Навоий кўчасидаги байрам сайлида концерт дастури намойиш қилинади. Мустафо Камол Отатурк кўчасида эса ўзига хос таъм ва ифорга эга бўлган Самарқанд нони билан боғлиқ "Самарқанд нон сайли" тадбири ўтказилади. Унинг доирасида Самарқанднинг оламга машҳур нонлари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Руҳобод майдонида эса мактаб ўқувчилари ўртасида варрак учириш мусобақаси ўтказилади. Шунингдек, бу ерга ташриф буюрганлар таниқли бастакор Султон Алининг концерт дастуридан, чолғу оркестри чиқишларидан баҳраманд бўлади. Йўлбарслар хиёбони ва Мусиқали фаввора атрофида ҳам бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг ажойиб концерт дастурлари намойиш этилиб, бир умр хотирада муҳрланадиган байрам томошалари бўлади.
Вилоят мусиқали драма театри олдидаги саҳнада санъат усталари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар бўлади, гул сайли ўтказилади. Шу ердаги мусиқали фаввора ҳудудида байрам қатнашчилари эътиборига концерт дастури ҳавола қилинади.
Ислом Каримов кўчасида бўлиб ўтадиган "Яхшидан боғ қолади" ғояси остидаги байрам сайлида ҳам санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида концерт дастури намойиш этилади. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ҳунармандларнинг ярмаркалари ўтказилади.
Сўлим, Кимёгарлар ва Фарҳод қўрғонларидаги байрам тадбирларида ҳам иштирокчилар эътиборига концерт дастурлари, санъаткорларнинг чиқишлари ҳавола этилади.
Байрам кунлари кам таъминланган, кўмакка муҳтож инсонлар, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилади.
Азиз юртдошлар, шаҳримизда ўтказилаётган байрам сайлларида оила аъзоларингиз, яқинларингиз билан иштирок этинг. Зеро, байрам юртдошларимизнинг аҳиллиги, шоду хуррамлиги билан янада файзли ўтади, дейилади хабарда.