ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.
Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида жамиятни бирлаштириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ниҳоятда кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
2017 йилнинг апрель ойида Россияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф, шунингдек, томонларнинг мунтазам мулоқоти икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиб, уни сифат жиҳатидан янги, амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Мирзиёев ва Путин икки томонлама шерикликни янада кенгайтириш масалалари, шунингдек минтақавий ва халқаро сиёсатнинг қатор долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.
Таъкидланишича, Путин самимий қутлов ва тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилган.