ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Пост-патрул хизмати ходими йўл —ҳаракати қоидасини бузганлиги учун жаримага тортилди, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Бироз олдин ички ишларга тегишли бўлган автомобил "Пиёдалар ўтиш жойи" белгиси остида тўхтаб тургани акс этган фотосурат ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан ИИББ давлат рақами 01 562 VSF бўлган “Нексия” патрул автомобили ким томонидан бошқарилганини аниқлаган ва пост-патрул бригадаси ходими 1987 йилда туғилган С.К.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодекснинг 1286-1 моддасига асосан баённома расмийлаштирилиб, энг кам иш ҳаққининг 3 баробари миқдорида (516 000 сўм) жарима тайинланган.
“Ҳар бир ички ишлар идоралари ходими содир этган ҳатти-ҳаракати учун фуқаролар билан тенг ҳуқуқлилик асосида маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиб бу ҳақида ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилишини маълум қиламиз”, — дейилган ИИББ хабарида.
Шунингдек Ички ишлар бошқармаси ушбу соҳада фаоллик қилган фуқароларга миннатдорлик билдирган ва ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдиришда хушмуомала бўлишга чақиришган.
“Ижтимоий тармоқларда ўз фикрларингизни қолдирганингизда, ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз. Қонун олдида ҳамма баробар”, — дейилган ИИББ хабари якунида.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин ЙҲХБнинг алоҳида саҳифаси ишга тушган эди. ЙҲХБ фуқаролар томонидан қайд этилган ва бошқарма расмий саҳифасига юборилган ёки ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган фото ва видео далилларга асосан маъмурий қонунбузарликлар расмийлаштириш, қоидабузарларни жавобгарликка тортишни бошлади.