ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Истанбулда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо битимини имзолаш шартлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
"Агар у имзоланса, ҳар икки давлат бир-бирига янада қулай режим тақдим этиш, хусусан, божхона божларини пасайтириш ва бошқа имтиёзларни тақдим этиш имкониятлари пайдо бўлади", — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, учрашув давомида апрел ойида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг март ойи якунида Туркия Иқтисодиёт вазирлиги делегацияси Ўзбекистонга икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан консультациялар ўтказиш учун ташриф буюриши режалаштирмоқда.
Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2016 йилда ўзаро товар алмашиш ҳажми 29%га ошиб, 1,2 миллиард долларга етган. Мамлакатда Туркиянинг 500га яқин фирма ва компаниялари фаолият кўрсатмоқда.