ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги (ТIKА) вице-президенти Сурайё Ер ва агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатҳонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар билан учрашув бўлиб ўтди.
Шунингдек, учрашувда ТIKА билан ҳамкорликда Ўзбекистонда банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш тизимида амалга оширилиши назарда тутилган устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди. ТИКА томонидан Ўзбекистон Республикасида талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касб — ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф берилди.
Жумладан, ТИКА раҳбарияти Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, касб — ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, айниқса талаб юқори бўлган тикувчилик, автомобилсозлик, машинасозлик, пайвандлаш ва бошқа шу каби йўналишларда касб — ҳунарга ўқитиш тизимини яратиш фикрини билдирди.
Касб-ҳунарни ўргатишда Туркия Республикасидан малакали кадрларни жалб қилиб, таълим сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган малакали касб эгаларига ўз меҳнат фаолиятини бошлашда керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаб берилишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ушбу тизим аввало Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ишга туширилиши ва кейинчалик Ўзбекистоннинг қолган барча вилоятларида ҳам ҳудди шундай марказлар очиш режалари илгари сурилди.