ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Британия Бош вазири Тереза Мэй Россияни собиқ разведка бош бошқармаси полковниги Сергей Скрипални заҳарлашда айблаб, унга ультиматум эълон қилди.
Мажлисда разведкачининг заҳарланиши билан боғлиқ ўтказилаётган суриштирув ишларининг сўнгги маълумотлари эълон қилинган.
Мэй шунингдек, Скрипаль Россияда ишлаб чиқарилган "Новичок" оиласига мансуб асаб тизимини ишдан чиқарувчи модда билан заҳарланганини қўшимча қилган. Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда Россия ва АҚШ ўзаро разведкачилар билан алмашишганидан сўнг, россиялик собиқ разведкачи Сергей Скрипальга Британиядан бошпана берилган эди.
Жорий йил 5 март куни Скрипаль ва унинг қизи Солсберида беҳуш ҳолатда топилган. Британия парламенти маълумотларига кўра, уларни россияда ишлаб чиқарилган нерв толаларини фалаж ҳолатга келтирувчи модда билан заҳарлашган.
Британия Бош вазири Россияга сешанба куни кечгача вақт берган. Бу вақт ичида Россия томон бу ҳодиса борасида тўлиқ тушунтириш бериши керак, акс ҳолда Мэй Россияга қарши аввалгидан кўра "анча жиддий чоралар"ни қўллашни ваъда қилган.
Чоршанба куни Британия "Скрипаль иши" бўйича Миллий хавфсизлик кенгашини ўтказмоқчи. Шундан сўнг Мэй парламентда Россияга қарши қўлланилиши режалаштирилаётган чоралар ҳақида маълум қилади.
Айни вақтда АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳам Россияни собиқ разведка бош бошқармаси полковники Сергей Скрипаль ҳаётига тажовуз қилганликда айбламоқда.
Шу билан бирга Бош котиб тегишли далилларни тақдим этмаган.
"Суверен давлат ҳудудида ўз фуқаросига тажовуз қилиш, унинг ҳаётига суъиқасд қилишга уриниш ҳолатини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди, Россия, кўриниб турибдики, яна шу каби ҳаракатларини кўз-кўз қилаётганидан биз дарғазабмиз. Украинадан тортиб, Суриягача, эндиликда эса Буюк Британиягача Россия ўзининг масъулиятсиз кучлигини намоён қилмоқда, у жаҳонга нотинчлик олиб келмоқда, ўзга мамлакатлар суверенитетига ва ўз фуқаролари ҳаётига очиқчасига беписандлик билан ҳаракатда бўлмоқда", — деб баёнот қилган Тиллерсон.
Тиллерсон шунингдек, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг Россиянинг алоқаси борлиги тўғрисидаги баёноти АҚШ билан мувофиқлаштириб олингани ҳақида билдириб ўтди.
"Қўшма Штатлар бугунги баёнотдан аввал Бирлашган Қиролликдаги иттифоқдошларимиз билан алоқада бўлишган эди. Шу жумладан, Бош котиб ва (Буюк Британия) Ташқи ишлар вазири (Борис) Жонсон ўртасида телефон мулоқоти бўлди. Биз Буюк Британия ўтказган тергов ишларига ва у бераётган баҳоларга тўлиқ ишонамиз. Ўтган ҳафтада Солсберида рўй берган асаб толаларини фалаж қилувчи газ ёрдамида уюштирилган ҳужумда Россия жавобгар деб ҳисоблаймиз", — деган Тиллерсон.
Айни вақтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тереза Мэйнинг Скрипаль бўйича қилган баёнотини "британия парламентидаги цирк шоуси" деб атаб, бу провокацияга асосланган навбатдаги ахборот-сиёсий кампаниядан бошқа ҳеч нарса эмаслигини қўшимча қилишди.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Лондон бу иш бўйича шу вақтгача ҳеч бир далил ёки расмий мурожаат юбормаганини маълум қилиб келмоқда. Душанба куни эса Россия президенти Владимир Путин британияликларга Скрипалнинг заҳарланиши ҳодисасини Россия билан муҳокама қилишдан олдин аввал ҳаммасини ўзларида тўлиқ аниқлаштириб олишни маслаҳат берган эди.