ТОШКЕНТ, 7 мар – Sputnik. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Вазирлар Маҳкамасининг таалуқли қарори куни-кеча қабул қилинган, дейилган расмий хабарда.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу қарорни қабул қилишда республикада тиббиёт кадрлари етишмовчилиги муҳим рол ўйнаган. Хусусан Сурхондарё вилоятида бугунги кунда 2000 дан ортиқ шифоркорга эҳтиёж бор. Айниқса ҚВП ва оилавий поликлиникаларда кадрлар етишмовчилиги 50%дан ортиқни ташкил қилади, дейилган хабарда.
Ушбу ўқув йилида Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалига 300 нафар сурхондарёлик ёшлар ажратилган квоталар асосида қабул қилинди. Энг қувонарлиси — ушбу талабалар бугунги кунда аниқ мақсади ва иш жойига эга. Чунки, ҳар бир талаба вилоят хокимлиги билан келишган ҳолда қишлоқ оилавий поликлиникалари, кишлоқ врачлик пунктларида ишлаш учун шартнома имзолаган.
ТТАнинг Термиз филиали энг сўнгги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиётга оид барча асбоб-ускуналар — фантом ва муляжлар, лаборатория анжомлари билан жиҳозланган. Олий таълим даргоҳида тиббиётга оид адабиётлар билан тўлиқ таъминланган ахборот ресурс маркази, турар жой ва ётоқхоналар, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун замонавий ёпиқ спорт иншоотлари барпо этилган.
Шунингдек, янги тиббий олий таълим муассасасига Тошкент тиббиёт академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилинади. Тошкент тиббиёт академиясининг аудиторияларида олиб бориладиган маърузалар ва дарсларни тўғридан- тўғри талабаларга намойиш этиш имконияти яратилди.
Яна бир қизиқ тажриба – доимий яшаш жойи Сурхондарё вилоятида бўлган, айни дамда республиканинг олий тиббиёт таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шаклида таълим олаётган 4 – 5-босқич талабалари ҳам ўз хоҳишларига кўра, филиалга давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинади. Ўқув юртини битирган барча талабалар эса – келгусида Сурхондарё вилоятидаги шифокорлар етишмаётган тиббиёт муассасаларида ўн йил ишлаб беришлари мажбурий этиб белгиланган.