ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси мактаблар, спорт ва диний муассасалар яқинида алкоголли ичимликлар ва тамаки сотиш билан шуғулланаётган магазинларни назорат остига олади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистонда бугунги кунда амал қилаётган қонунларга кўра, таълим, спорт ва диний муассасаларга 500 метрдан яқин ҳудудларда алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотиш ман этилади. Лекин шунга қарамасдан, мактаб ва спорт иншоотлари олдида ўқувчиларга тамаки сотаётган кичик дўконлар пайдо бўлаётганини кўриш мумкин.
Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларга қарши кураш департаментига апрель охирига қадар барча савдо дўқонларини рўйхатдан ўтказиб, қонунни бузаётганларга нисбатан таалуқли чоралар кўришни топширди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20 ёшга тўлмаган фуқароларга алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари сотиш таъқиқланган. Шунингдек, сигаретларни доналаб сотиш ҳамда алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилиш ҳам таъқиқланган.