ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиришлар киритди. Ўзгартиришлар 30-декабрдан — “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган кундан кучга кириши хабар қилинмоқда.
Иш жойларида, тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларида, шунингдек, мактаб, коллеж ва университетлар ҳудудида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Қонунни бузганлар энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жаримага тортилади.
Бундан ташқари мазкур қонун лойиҳасига кўра, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун маъмурий жарималар миқдори оширилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг ўзгартириш киритилган 187 моддасига мувофиқ, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ҳамда бошқа жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш —
энг кам иш ҳақининг тенг ярми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (илгари жарима миқдори энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан учдан бир қисмигача белгиланган эди).
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
энг кам иш ҳақининг тенг ярмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.