ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбекистон фуқароси Нуриддин Киргизовга Москва вилоятида кекса аёлни ёнғиндан қутқариб қолгани учун Умумроссия кўнгилли ўт ўчирувчилар жамиятининг "Князь Александр Львов" номли медали, Москва вилояти Пушкин тумани маъмурияти номидан фахрий ёрлиқ ҳамда Пушкин тумани ўт ўчирувчилар гарнизони раҳбарининг миннатдорлик хати топширилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.
Киргизовга мукофотларни Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти, Пастдарғом тумани ҳокимияти вакиллари ва шифокорлар топширишди.
2018 йилнинг 31 январ куни Москва вилояти, Пушкино тумани, Софрино посёлкасида жойлашган уйларнинг бирида тунда кучли ёнғин чиқади. Ўша қишлоқда вақтинча яшаб ишлаётган Самарқандлик Нуриддин Киргизов ушбу ёнғинни кўриб ёрдамга шошилади. Ёнаётган уй ичида қолиб кетган кекса аёлни олиб чиқиш вақтида унинг ўзи ҳам жиддий жароҳатлар олади.
Айни дамда Нуриддин Киргизов Самарқандда Республика тез ёрдам илмий марказида даволанмоқда.