ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. Молиявий пирамида асосчиси, чинозлик Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Хабар қилинишича, бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шерикларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд мажлиси қарорига кўра, Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, Турсунбоев бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан маҳрум этилди ва энг кам иш ҳақининг 400 баравари — 52 млн 96 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актига асосан, унга қўлланилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони ўташ муддати 2016 йилнинг 16 июнидан бошлаб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз Аҳмад Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июл ойида қўлга олинган эди. Жиноий гуруҳ аъзолари аҳолидан ўта катта миқдорда маблағ қабул қилиб, уни бир йил ичида 100% ставкаси билан қайтариб беришни ваъда беришган. Шунингдек, улар аҳолига ойига 40% ставкаси билан аҳолига қарз ҳам беришган.
Жиноий гуруҳ турар жойларида қидирув ўтказилганида 13,1 млрд сўм, 7,9 млн доллар пул маблағлари ҳамда бир неча қимматбаҳо автомобиллар топилган.