ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси баҳор-ёз мавсумида янги йўналишлар очиш билан бир қаторда амалга оширилаётган парвозлар сонини ҳам кўпайтиришни режалаштирмоқда.
МАК матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 24 майидан бошлаб, авиакомпания ҳафтасига бир марта Барселонага (Испания) парвозларни бажаришни бошлайди. Шунингдек, баҳор-ёз жадвалида Мумбайга (Ҳиндистон) ҳам мунтазам қатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Авиакомпания томонидан амалга оширилаётган қатновлар сони ҳам ортади. Нью-Йоркка парвозлар ҳафтасига уч марта, Истанбулга 10 марта, Сеулга 4 марта ва Новосибирскка уч марта бажарилади.
Бугунги кунда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Европа ва Осиёнинг 40 дан зиёд шаҳарларига мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.