ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2018 йил охирига қадар дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олишга ихтисослашган ахборот порталини яратади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.
Махсус портал дори воситалари ва тиббий буюмларни, зарур ҳолларда сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни тегишли дорихоналар томонидан аҳолига етказиб беришни таъминлаган ҳолда реал вақт режимида сотиб олиш имконини беради.
Шунингдек, портал ёрдамида тегишли лицензияга эга дорихоналарнинг жойлашувини аниқлаш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, 2018 йил 1 майга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида дори воситалари ва тиббий буюмларни ҳисобга олиш ва ҳисобот жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, улар ҳақидаги зарур ахборотни тақдим қилган ҳолда дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация қилиш имконини берувчи махсус маркировка тизимини жорий этиш мумкинлиги масаласи ўрганиб чиқилади.