ТОШКЕНТ, 14 фев – Sputnik. Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматига асосланиб "Халқ сўзи" хабар берди.
Операция Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россия Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.
Хабарда айтилишича, ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан жигар циррози билан оғриган 26 ёшли беморга унинг акаси донорлигида илк бор жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди.
Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда.
Қайд этиш жоиз, бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Ўзбекистон ушбу мамлакатлар қаторидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил бошида ўтказган мажлисида Ўзбекистон тиббиёт соҳасини жиддий танқид қилиб, одамлар керакли тиббий хизматларни олиш учун чет элларга боришга мажбур бўлаётгани ҳақида айтиб ўтган ва мураккаб тиббий операцияларни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилган эди.