ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонун ишлаб чиқилмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Бу ҳақда "Тараққиёт стратегияси" марказида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган "Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш — оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови" мавзуидаги давра суҳбатида айтиб ўтилган.
"Ўзбекистон президенти парламентга Мурожаатномасида инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидланди. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттиришга доир инновацион ёндашувлар илгари сурилди. Қонунчилик палатаси ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги муҳим муаммоларни жойларда ҳал этишга қаратиши мақсадга мувофиқ эканлиги белгиланди.
"Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги, "Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, аҳоли орасида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда", — дейилади хабарда.