ТОШКЕНТ, 7 фев – Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий веб-сайтидаги маълумотлар билан мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам танишиш мумкинлигини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг www.iiv.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилаётган маълумотларни телеграмм каналининг @iivuz ёки http://t.me/iivuz, Фейсбук саҳифаларининг www.facebook.com/IIVUZ ёки www.fb.me/IIVUZ манзилларида ҳам кузатиб боришингиз мумкин”, — дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан 1102 рақамли ишонч телефони орқали кечаю-кундуз мурожаатлар қабул қилиниши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тизимида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тузилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори эълон қилинганди.
Ҳужжатга кўра, бошқарма ички ишлар органлари фаолиятини ахборот кузатуви ишларини мувофиқлаштириш, улар мансабдор шахсларининг фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ва брифингларини, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш масалалари бўйича фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотларини ташкил этиш билан шуғулланади.