Ўзбекистон ИИВ хорижлик ҳамкасблари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда

Oбуна бўлиш
Вазирлик шунингдек, хориж полицияси ва ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда

ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ислоҳотлари жараёнида улар томонидан хорижий ҳамкасбларнинг илғор тажрибасини ўрганишга, шунингдек биринчи ўринда қўшни давлатлар билан яқин алоқани йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилади, деди республика ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, полковник Ш. Гиясов.

"Бу йил учун мақсад ва режаларимиз бисёр. Бу, биринчидан, қўшниларимиз билан ҳамкорликни ривожлантириш. Биласизми, жиноий қидирув ходимларида бир шиор бор: "жиноятчиликнинг миллати ва чегараси йўқ". Шуни ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда бизда Россия, Қозоғистон ва Тожикистондаги ҳамкасбларимиз билан идоравий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этилган", — деди Гиясов интервьюсида.

Масалан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида содир этилган оғир ва ваҳшиёна жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс айнан мана шу идоравий гуруҳнинг иши натижасида тезкорлик билан қўлга олинди.

Гиясовнинг сўзларига кўра, айни дамда Қирғизистон, Туркманистон, Белоруссия, Озарбайжон ва келажакда Афғонистон, Покистон ва Туркия каби давлатлар билан шу каби гуруҳларни тузиш масалалари ўрганилмоқда.

"Биз полиция фаолиятини ва ҳуқуқ-тартибот тизимида жорий этилган янгиликларни комплекс тарзда ўрганиш мақсадида Корея, Япония, Исроил каби бир қатор давлатларга мутахассисларимиздан ташкил топган делегацияларни жўнатишни режалаштирганмиз", — деди бошқарма бошлиғи.

Вазирлик шунингдек, хориж полицияси ва ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда. Айни дамда Академия ва Ёнғин хавфсизлиги институти ҳамда Россия, Қозоғистон ва Хитой давлатларининг бир қатор полиция олий ўқув юртлари ўртасида тузилган келишувлар мавжуд.

© МВД Республики УзбекистанЎзбекистон ИИВ ходимлари
Сотрудники МВД Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ИИВ ходимлари

"Биз жорий йилда Озарбайжон, Белоруссия, Корея, Хитой, Япония олий ўқув юртлари, шунингдек келажакда Франция, Германия ва Буюк Британиянинг полиция ўқув юртлари билан шу каби келишувларни ишлаб чиқиш ва имзолашни режалаштирганмиз", — деди Гиясов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарорига мувофиқ ИИВ Ташкилий-инспекторлик бошқармасининг Халқаро ҳамкорлик бўлими ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўлими негизида Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилганди.

Янгиликлар лентаси
0