ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўтган ҳафта охирида Москва регионларига кучли қор бўрони ёпирилди. Синоптиклар сўзларига кўра, бундай ҳолат юз йилда бир марта кузатилади.
Айни вақтда ижтимоий тармоқларда йўловчилар Москвадаги қор уюмларида тиқилиб қолган автобусни итариб чиқаришаётгани ҳақида видео пайдо бўлди.
Учинчи феврал куни бошланган қор фожеали якунларга олиб келиб, йўллардаги аҳволни мураккаблаштиришда давом этмоқда. Қор билан бирга музли ёмғир ҳам ёғгани қайд этилган.
Москва мэрияси хабарига кўра, об-ҳаво туфайли Москвада 1,6 мингга яқин дарахтлар қулаган, уларнинг барчаси олиб ташланган.
Москва регионларида кучли қордан кейин юзага келган улкан уюмларни тозалаш ишларига ҳарбийлар жалб қилинган. Бу ҳақда Ғарбий округ матбуот-хизмати Интерфаксга маълум қилган.
Россия гидрометеорология маркази об-ҳаво хавфлилиги даражасини сариқдан тўқ сариқ даражага кўтарган. Москва аэропортларида қор туфайли қолдирилган рейслар сони 109тага етган, бекор қилинганлари сони — 28тани ташкил қилмоқда.