ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Россия олий ўқув юртлари магистратурада ўқишни истовчилар учун Open Doors: Russian Scholarship Project халқаро олимпиадасини ташкил этди. Бу ҳақда Тошкентдаги Россия фан ва маданият маркази матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу танловда ғолиб бўлган хорижлик талабалар кириш имтиҳонларисиз магистратурага қабул қилинади ва Россиядаги олий ўқув юртида магистрлик дастурида бепул таълим олади.
Абитуриент Россиянинг 80 шаҳридаги 500дан ортиқ олий таълим муассасаларидан истаганини танлаши мумкин. Хусусан, улар орасида Times Higher Education World University Rankings (THE), QS World University Rankings ва Academic Ranking of World Universities (ARWU) халқаро рейтингларига кирувчи ўқув юртлари ҳам бор.
Олимпиада ғолиблари қабул кампанияси бошлангунига қадар ўзи танлаган ўқув юртига қабул қилинган деб ҳисобланади.
Олимпиадада бакалавр дипломига эга бўлган ёки 2018 йилда бакалаврлик дастурида таълим олишни якунлаётган Россиядан ташқари исталган мамлакатнинг фуқароси қатнашиши мумкин. Олимпиаданинг биринчи босқичида қатнашиш учун аризаларни 16 февралга қадар лойиҳанинг od.globaluni.ru сайти орқали бериш мумкин.