ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти "2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонга имзо чекди.
Фуқаролардан келиб тушган таклифларнинг аксариятида кўрсатилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий нормалар бевосита Фармоннинг ўзида кўрсатилган бўлиб, уларнинг ижросини дарҳол таъминлаш шарт экани белгиланди.
Фармон билан тадбиркорлик субектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда, Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга оширишлари мумкин.
Яна бир муҳим янгилик — вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилинади. Ушбу норма фуқароларга Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила оладилар.
Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.
Давлат дастурининг биринчи бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланган.
Шубҳасиз, "Давлат хизмати тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизим шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади.
Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт.
Давлат функциялари ва ваколатларининг амалдаги марказлашган тизимига барҳам берилади
Биринчидан, ҳукуматнинг алоҳида функциялари, айниқса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги вазифалари вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилади. Иккинчидан, тегишли ҳудудда давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун масъул мансабдор шахслар сифатида барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари кенгайтирилади ва мавқеи мустаҳкамланади.
Фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш — петиция йўллаш тизими жорий қилинади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади.
Мазкур механизм туфайли фаол фуқаролар ва жамоат ташкилотлари турли муаммолар ечими бўйича ташаббус кўрсатишлари мумкин. Шу орқали "Мамлакат ҳаётига алоқадор энг муҳим қарорлар бевосита мулоқот асосида қабул қилинади", деган тамойил амалда рўёбга чиқарилади.
Қонун устуворлиги таъминланади
2018-2021-йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Жиноий ва маъмурий жавобгарликни либераллаштириш, процессуал нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.
Ички ишлар органлари йўл-патрул ва патрул-пост хизматларини улар фуқаролар билан муомала қилаётганда фойдаланиладиган видео-фиксаторлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, балки тинчлигимиз посбонлари томонидан ўз вазифасини суиистеъмол қилиши ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.
Давлат дастурида прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар иккиламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Иқтисодиёт ва тадбиркорлик
Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, "смарт" технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инноватсион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилмоқда.
2023-йилнинг 1-январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инноватсия марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилади.
Ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни жорий қилиш режалаштирилган. Давлат активларини электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизимини яратиш кўзда тутилмоқда.
Банклар ва банк фаолиятига доир қонунчилик тубдан қайта кўриб чиқилиб, соҳада "рақамли банкинг", "интернет-банкинг" ва бошқа замонавий технологиялар татбиқ этилади.
Солиқ ва божхона сиёсатини такомиллаштириш ва оптималлаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Ижтимоий соҳа
Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича "истеъмол саватчаси"га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилган. Ҳудудлар кесимида "истеъмол саватчаси"ни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда.
Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилган.
Аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2018-йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан зийод мобил алоқа таянч станцияларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Хавфсизлик масалалари ва ташқи сиёсат
Хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.
Диний маърифат тизими қайта кўриб чиқилиб, бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлиги кучайтирилади.
Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 13,5 триллион сўм ва 1,3 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади.