Orlandoнинг янгиси чиқадими?

© Chevrolet2008 Chevrolet Orlando concept
2008 Chevrolet Orlando concept - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Дунё автомобил бозорида минивэнлар улуши йилдан йилга қисқариб бормоқда. Уларнинг ўрнини бошқа турдаги автомобиллар эгалламоқда.

ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. GM Uzbekistan 22 январь куни Chevrolet Orlando минивэнларини ишлаб чиқариш тўхтатилганини хабар қилган эди. Ушбу муносабат билан бир неча савол туғилади. Нега тўхтатилди, янги минивэн ишлаб чиқариш йўлга қўйиладими? Ёки унинг ўрнига бошқа автомобиль пайдо бўладими?

Охирги бир неча йил давомида дунё автомобил бозорида минивэнлар улуши йилдан йилга қисқариб бораётганини кузатиш мумкин. Бунинг сабабларини яхшироқ тушуниш учун, ушбу мавзуга чуқурроқ назар ташлайлик.

Минивэн ўзи нима?

Минивэн ёки компактвэн номли автомобил тури 1980 йиллар бошида пайдо бўлган эди. Энг биринчи оммавий минивэн Dodge Caravan америкада 1983 йилда пайдо бўлди. Ундан бир неча ой ўтиб Европада Renault Espace ишлаб чиқарила бошлади.

Минивэн – бу узунлиги ўртача 4,5 м бўлган, етти ёки саккиз ўриндиқли енгил автомобил. Одатда, минивэнлар С-классдаги автомобиллар базасида яратилади. Масалан, Chevrolet Orlando бироз узайтирилган Chevrolet Cruzeнинг платформасида ясалган. Ford C-Max эса — Ford Focus асосида, Европанинг энг оммавий минивэни — Opel Zafira – Opel Vectra  асосида яратилган.

Енгил автомбил платформасида яратилган минивэн ичида 3 қатор ўриндиқ ўрнатилган бўлиши ва салон имкон қадар кенгроқ бўлиши кераклигини туфайли минивэн кузови шакли, истаса-истамаса автобусга ўхшаган бўлади.

Бундай тузилишнинг ўзига хос яхши ва ёмон томонлари бор. Яхши томонлари – машина салони кенг бўлиши, унда 6-7та одам ёки кўп миқдорда юк ташиш имконияти борлиги ва шу билан бирга енгил автомобил каби тежамкорлиги. Ёмон томони эса – автобуссимон ташқи кўринишнинг унчалик чиройли эмаслиги, минивэн кузовининг седан ёки йўлтанламас автомбилларига нисбатан нимжонлиги, аварияларда кўпроқ шикастланиши ҳамда тўлиқ юк ортилганда двигател кучи етишмаслигини қайд этиш мумкин.

CC BY 3.0 / M 93 / Opel ZafiraOpel Zafira
Opel Zafira - Sputnik Ўзбекистон
Opel Zafira
Европа ва Шимолий америкада минивэнлардан оилавий автомобил ёки узоқ саёҳатларга чиқиш учун мўлжалланган автомобиллар сифатида фойдаланилади. Ушбу сабабга кўра замонавий минивэнларнинг аксариятининг тепаси ойналик (панорамик) қилиб ясалган. Айтмоқчи, Orlando ҳам дастлаб оммага ойнали том билан тақдим этилган эди. кейинчалик ишлаб чиқариш жараёнини арзонлаштириш мақсадида ушбу ғоядан воз кечилди.

Кучли рақиб пайдо бўлди…

2000 йилларнинг бошида Шимолий Америка бозорида Toyota RAV4 автомобилининг 2 авлоди  пайдо бўлди ва у бир зумда ҳамманинг эътиборини ўзига торди. Кўринишидан йўлтанламасга ўхшаган, лекин кузов ундан сезиларли даражада енгил, бошқаруви енгил автомобилдан фарқ қилмайдиган, клиренси баланд ва тўрт ғилдираги ҳам тортувчи (4WD) автомобил эди. Дастлаб SUV, кроссовер деб номланган бундай енгил жипларга ҳалқ орасида ҳазиломуз оҳангда, “паркетник” деб ном беришди, яъни “паркет устида юришга ярайдиган жип” маъносида.

Toyota RAV4нинг иккинчи авлоди эса, паркетниклар орасида бир неча йиллик бестселлерга айланди. Ҳатто иккиламчи бозорда ҳам у узоқ вақт давомида энг харидоргир автомобиллардан бири бўлиб қолди. Унинг ташқи кўриниши ҳозир ҳам эскирганга ўхшамайди.

Харидорлар кроссоверларнинг устунлик томонларига жуда тез баҳо беришди. Чунки, тўрт ғилдираги ҳам тортувчи, йўл клиренси баланд кроссовер асфальт бўлмаган ёки қишги йўлларда ҳам ишонч билан ҳаракатлана олар эди. Ундан ташқари краш-тестларда ҳам кроссоверлар кузови, олд қисми (капот) узунроқ бўлгани туфайли, минивэнларга қараганда бақувватроқ экани маълум бўлди. Асосийси эса – кроссоверлар ташқи кўриниши ҳам минивэндан кўра енгилроқ, учқирроқ ва чиройлироқ эди.

Шундан бери енгил йўлтанламас автомобиллар кундан кунга оммавийлашиб, минивэнлар сони эса йилдан йилга камайиб келмоқда.

Айримлари ҳали тирик…

Ушбу кунларда саноқли минивэнлар ўз оммавийлигини сақлаб қолган. Аввалгидек йилига миллионлаб сотилмасада, уларнинг ўз харидорлари бор.

Ана шундай минивэнлардан бири Toyota Alphard. У Toyota Camry асосида қурилган бўлиб, люкс классдаги минивэн сифатида бозорга чиқарилган. Уни кўпроқ бизнесменлар корхона директорлари ёки нуфузли меҳмонларга хизмат кўрсатувчи корхоналар сотиб олади. Ҳақиқатдан ҳам унинг салони жуда кенг ва ҳашамдор. У ерда 4та кресло ёки 2 кресло ва стол ўрнатса бўлади.Шаҳарнинг тор кўчаларида, узунлиги 6 метр бўлган S-класс автомобилларига қараганда Alphardда ҳаракатланиш ва парковка қилиш анча қулай.

Европанинг энг яхши минивэни бўлган Opel Zafira ҳам ҳалигача ўзининг садоқатли мухлисларига эга. Уларни биринчи навбатда Zafiraнинг яхши ўйланган ва қулай салони, панорамик томи, бошқарув тизими ҳамда ишончли ва тежамкор дизел двигатели жалб қилади.

Америкада минивэнларнинг “отаси” бўлган Dodge Caravan ҳалигача яхши сотилмоқда. У бир неча маротаба йилнинг энг яхши минивэни, саёҳатлар учун энг яхши автомобил ва бошқа унвонларга сазовор бўлган. Dodge Caravan чиройли ташқи кўриниш, кенг ва қулай салонга эга.

Orlandoнинг янгиси чиқадими?

Эслатиб ўтамиз, Chevrolet Orlando GM Uzbekistanнинг Хоразмдаги заводида ишлаб чиқарилар эди. 2014 йилдан буён тўрт мингга яқин автомобил ишлаб чиқарилган. Кўриб турганингиздек у Ўзбекистонда ҳам бестселлер бўла олмади.

GM Uzbekistan запустит производство компактного кроссовера Chevrolet Tracker - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда Chevrolet Tracker автомобили ишлаб чиқарилади

Айни дамда Chevrolet компанияси Европа ва Америка бозорларида минивэнлар таклиф қилмаяпти. Шундан келиб чиққан ҳолда компания минивэнлар ишлаб чиқаришдан тўлиқ воз кечган деб айтишимиз мумкин.

Минивэнлар ўрнига Chevrolet турли катталикдаги кроссоверлар ишлаб чиаришни қарор қилган бўлиши мумкин. Orlandoнинг бозордаги улушини Chevrolet Captiva ва Асакада 2019 йилдан бошлаб ишлаб чиқариш режалаштирилган Chevrolet Tracker эгаласа ажаб эмас.

Янгиликлар лентаси
0